Ўзбекистонда заҳарли газлар чиқаришни 2035 йилга бориб 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача умумий генерацияда «яшил» энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Токиода ўтган «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммитида айтиб ўтди.
«Япония зарарли газларни атмосферага чиқаришни тўлиқ бартараф этишга эришиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда жаҳондаги етакчи давлатдир.
Биз Ўзбекистонда заҳарли газларни чиқаришни 2035 йилга бориб 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача умумий генерацияда «яшил» энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйганмиз», – деди Ўзбекистон етакчиси.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари энергетик ўтиш ва «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича самарали иссиқлик станциялари, қуёш ва шамол энергия қурилмаларини барпо этиш, когенерация, йўқотишларни қисқартириш, зарарли газларни ушлаб қолиш ва фойдаланиш технологияларини жорий этиш каби аниқ лойиҳаларни Япония томони билан биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди.
«Тошкентда Қайта тикланадиган энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш таклифини илгари сурамиз», – дейди Шавкат Мирзиёев.