Бугун, 29 апрель куни Марказий банк асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги бошқарув йиғилишини ўтказди. Жараён юзасидан эълон қилинган шарҳда бир қатор омиллар сабаб асосий ставка 14 фоиз даражасида сақлаб қолингани билдирилган.
Марказий банк нархларга оширувчи босим берувчи омиллар қаторида геосиёсий зиддиятларга тўхталган. Хусусан, Яқин Шарқдаги уруш фонида жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ошиши бўйича хатарлар кучаймоқда. Бу логистика ва ташиш харажатларининг ортиши билан бирга келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин.
Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар ҳам март ойида пасайишда давом этган бўлсада, инфляциянинг прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланмоқда.
“Сўнгги ойлардаги инфляциянинг кенг қамровли пасайишининг секинлашиши ҳамда жорий инфляция тенденциялари иқтисодиётда маълум бир инфляцион босимлар сақланиб қолаётганини намоён этмоқда”, дейилади регулятор шарҳида.
Марказий банк нархлар барқарорлашув жараёнлари сустлашиб, бунга таъсир кўрсатувчи ташқи омиллар кучайииб бораётганини қайд этган
Асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталари мустаҳкамланаётгани, олтин нархи юқори даражада сақланиб қолаётгани, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозоридаги таклифни қўллаб-қувватлаяпти.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида йиллик инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутиляпти. Жорий йил март ойида инфляция йиллик 7,1 фоизгача пасайди. Январь-март ойларида иқтисодий фаоллик жадаллашиб, ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,7 фоизга ўсди.
Марказий банк мамлакатга жалб этилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ошиб бораётгани келгуси чоракларда ҳам иқтисодий ўсиш омилларини қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонч билдирган. Мазкур омилларни инобатга олиб, 2026 йил учун иқтисодий ўсиш бўйича прогнозлар 7-7,5 фоизгача оширилган.
“Иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви, юқори ялпи талаб ва ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар фонида инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасига барқарор пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит шароитларини давом эттириш лозим деб топилди”, дейилади шарҳда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 17 июнь кунига белгиланган.