Марокаш полицияси мамлакатнинг энг йирик шаҳри Касабланка яқинида 13 тонна марихуанани мусодара қилди.
Бу ҳақда “Sinxua” Марокаш миллий хавфсизлик бош бошқармасига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Касабланка чеккасида иккита автомашинада катта миқдордаги гиёҳвандлик моддасини топиб, халқаро гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи гуруҳга алоқадорликда гумон қилинган 39 ёшли эркакни қўлга олишган.
Полиция ушбу ишни тергов қилишда давом этмоқда. Таъкидланишича, Марокашнинг баъзи ҳудудларида гиёҳванд моддаларни ноқонуний ўстириш билан боғлиқ қийин вазият мавжуд.
Полиция маълумотларига кўра, маҳаллий марихуананинг кўп қисми контрабанда йўли билан Европага олиб кетилади.