БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияни қабул қилди, унга кўра 11 июл Бутунжаҳон отлар куни сифатида нишонланади. Ташаббусни 169 делегация қўллаб-қувватлади, фақат АҚШ қарши овоз берди, дея хабар беради БМТ сайти.
Қарор муаллифлари дунёда 57 миллиондан ортиқ от мавжудлиги, айниқса, қишлоқ жойларда йилқичилик асосий ўрин тутаётганини таъкидлади. От миниш, транспорт, пойга, от спорти ва туризм иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, турмуш тарзининг ўзгариши, иқтисодий тебранишларнинг саноатга босими, иқлим ўзгариши ва бошқа омиллар туфайли от популяцияси ва от саноатининг ҳажми камайиб бормоқда.
Шу муносабат билан қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишида отларнинг роли ҳақида хабардорликни ошириш зарурати ортиб бормоқда ва Бутунжаҳон отлар куни ушбу муаммоларни ҳал қилишда муҳим платформа бўлади, деб ҳисоблайди БМТ.
Тожикистонда 2025-йил 1-январ ҳолатига кўра, отлар сони 91,6 минг бошни ташкил қилган.