Бугун 8 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон Биотлон федерациясига янги раис сайланди

Ўзбекистон Биотлон федерациясига янги раис сайланди

Бугун Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгашида Ўзбекистон Биотлон федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати aniq.uz'га хабар берди.

Тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази, Қишки спорт турлари ассоциацияси ва бир қатор спорт ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.

Конференция бошида Ўзбекистон Биотлон федерацияси раиси ўринбосари Анвар Қурбаниязов 2022 йилда таъсис этилган мазкур федерация томонидан тўрт йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Сўнгра ташкилий масалалар, жумладан, федерация раиси ва раис ўринбосарлари лавозимларига номзодлар кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раҳбари Ҳусан Ботиров федерация раиси лавозимига, Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази бошлиғи Мансур Мамадаминов федерация раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ва “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раҳбари ўринбосари Анвар Қурбаниязов федерация раиси ўринбосари лавозимига сайланди.

Конференция давомида Ўзбекистон Биотлон федерацияси раиси Ҳусан Ботиров ўзига билдирилган юксак ишонч учун делегатларга миннатдорлик билдириб, федерациянинг истиқболдаги стратегик мақсад ва режалари тўғрисида маълумот берди. У 2027 йил февралида Эстониянинг Отепя шаҳрида биатлон бўйича ўтказиладиган Жаҳон чемпионати ва 2030 йилда Франциянинг Альп тоғларида ташкил этиладиган XXVI Қишки Олимпия ўйинларига ўзбекистонлик спортчиларнинг илк маротаба қатнашишига жиддий ҳозирлик кўрилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январь ойида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Биотлон федерацияси давлат рўйхатидан ўтказилган эди.

Киритилди: Бугун 12:45. Ўқилди: 465 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!