7 сентябрь куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да “Халқаро мовий осмон учун тоза ҳаво куни”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Кенжи Хирата, UNEPнинг Европа минтақавий бюроси минтақавий директори ўринбосари (онлайн) Хоссейн Фадаеи, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили ўринбосари Анас Карман, «Zamin» халқаро жамоат фонди директори Азиз Ғаниев, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Алишер Саломов Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соғлиқни сақлаш, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва иқлим сиёсатини ўзаро боғловчи, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганлигини қайд этди. У 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини мисол қилиб келтирди.
“Бизнинг миллий мақсадимиз — 2030 йилга қадар атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш. Мазкур мақсад аҳоли саломатлигини яхшилаш, шаҳарларимизни яшаш учун янада қулай қилиш, саноатни тозалаш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга бўлган қатъий мажбуриятимизни ифодалайди”, — деди Алишер Саломов.
Раис маслаҳатчиси ўз нутқида минтақада ҳаво сифати бўйича ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Халқаро тоза ҳаво консорциумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилганлигини ва ушбу ташаббус Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан ҳам қўллаб-қувватланганлигини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида самарали ҳамкорлик учун Япония ҳукуматига, БМТ Тараққиёт дастурига (UNDP), БМТ Атроф-муҳит дастурига (UNEP), Финляндия метеорология институтига, “Zamin” фондига ҳамда барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирди.
"Zamin" халқаро жамоат фонди директори Азиз Ғаниев “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси шунчаки мониторинг станцияларини ўрнатишдан кўра анча кенгроқ маънога эга эканлигини айтиб ўтди.
“2020 йилда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизимини кучайтириш мақсадида бошланган ташаббус бугунги кунга келиб, ҳукумат, экспертлар, олимлар ва халқаро ҳамкорлар учун ишончли ҳаво сифати маълумотларини янада очиқ, қулай ва амалий фойдаланиш имконини берувчи кенг қамровли миллий тизимга айланди. Бу эса, пировардида, Ўзбекистон аҳолиси учун янада тоза ҳаво ва соғлом атроф-муҳитни таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам замин яратмоқда”, — деди у.
Тадбир давомида Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизими ривожига бағишланган видеоролик тақдим этилди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар томонидан Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизимини ривожлантириш, ҳаво ифлосланишининг иқтисодий ва экологик таъсири, мониторинг маълумотларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, трансчегаравий ҳаво ифлосланиши ва чанг бўронлари бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ҳаво сифатини яхшилаш каби долзарб мавзуларда маърузалар қилинди.
Хусусан, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Тўрғунов “Ўзбекистоннинг тоза ҳавони таъминлаш борасидаги тараққиёти: беш йиллик тизимли ўзгаришлар”, UNEPнинг минтақавий координатори Томас Маркес Ўзбекистонда тоза ҳавони таъминлашда UNEPнинг аҳамияти, FMI ҳаво сифати ва энергетика гуруҳи раҳбари Катя Ловен “Ҳаво сифатини замонавий мониторинг қилиш: маълумотлардан самарали ечимларгача”, БМТ Тараққиёт дастурининг атроф-муҳит ва лойиҳалар бўйича мутахассиси Гавҳар Қудайбергенова “Тоза ҳавони таъминлаш ва барқарор шаҳар ривожи учун комплекс ечимлар”, БМТ ЙИКнинг Узоқ масофаларга трансчегаравий ҳаво ифлосланиши тўғрисидаги конвенцияси котиби Албена Караджова “Чегарасиз тоза ҳаво: халқаро ва минтақавий ҳамкорлик”, Экология миллий қўмитаси бош мутахассиси Азиза Шарофова эса “Ўзбекистоннинг чора-тадбирлари ва ҳаво сифатини яхшилаш режалари” мавзуларига эътибор қаратди.
Тадбир давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва экспертларни бир жойга жамлаб, Ўзбекистоннинг ҳаво сифатини мониторинг қилиш борасидаги ютуқлари ва келгусидаги устувор йўналишларини муҳокама қилиш имконини яратди. Унда ҳаво сифатини мониторинг қилиш ва ифлосланишнинг иқтисодий таъсирини баҳолашдан тортиб, амалий чоралар ҳамда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалаларигача бўлган мавзулар кўриб чиқилди. Трансчегаравий ҳаво ифлосланиши, чанг бўронлари ва халқаро ҳамкорлик механизмларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тармоғи ва “Эконазорат” платформаси кенгайтирилмоқда. “Zamin” фонди кўмагида 28 та автоматик ҳаво мониторинги станцияси HORIBA (Япония, Германия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Мазкур тизимни республика бўйлаб янада кенгайтириш мақсадида 347 та кичик автоматлаштирилган ҳаво сифати мониторинги станциясини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу станциялардан олинадиган маълумотлар Қўмитанинг ягона ахборот тизимига интеграция қилинади. Бу ҳудудларни қамраб олиш кўламини кенгайтириш, ифлосланиш ҳолатини янада аниқ баҳолаш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.