Президент девонхонаси раҳбари Андрей Ермак Европа ва АҚШ учун учта асосий "жуда муҳим" шартни баён этди. Уларнинг бажарилиши Украинада узоқ муддатли тинчликни таъминлаши мумкин. Бу шартлар орасида Россияга сиёсий ва молиявий босим ўтказиш ҳам бор. У бу ҳақда The Guardian газетасида чоп этилган мақоласида маълум қилди.
"Биринчидан, Украинага келажакдаги ўт очишни тўхтатиш келишувига ишонч ҳосил қиладиган хавфсизлик кафолатлари берилиши лозим. Иккинчидан, Европа Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ва кенгайтириш учун қатъий чоралар кўриши керак. Учинчидан, Европа Украинани янада кўпроқ қўллаб-қувватлаш мақсадида Россиянинг музлатилган активларини назоратга олиши зарур," деди Ермак.
Сиёсатчининг таъкидлашича, ўтган ҳафтадаги Европа Кенгаши йиғилиши, Европа бирлашганда ўз хавфсизлиги ва тақдирини ўзи бошқара олишини исботлади.
"Айнан Европанинг мустаҳкам хавфсизлигига бўлган манфаатдорлик Украинани ушбу шартларни бажаришга ундамоқда. Москванинг Украинага қарши ўн йиллик тажовузини енгил-елпи қабул қилиб бўлмайди - Европа раҳбарлари буни тан олишмоқда ва биз уларни бу ҳал қилувчи пайтда ўтган пайшанба куни Брюсселда эришилган истиқболли келишувларни амалга оширишга даъват этамиз," деди Ермак.