2025 йил 29 январь куни Туризм қўмитаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилда белгиланган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев ҳамда Қўмитанинг масъул ходимлари, вилоят ҳокимликларининг туризм масалалари бўйича ўринбосарлари ва ҳудудий туризм бошқарма ходимлари иштирок этдилар.
Шу билан бирга, матбуот анжуманида Транспорт, Молия ва иқтисод, Солиқ ва Божхона қўмиталари ҳамда Савдо-саноат палатаси, шунингдек, Меҳмонхоналар уюшмаси, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмасининг масъул вакиллари ҳам қатнашдилар.
Иштирокчилар томонидан 2024 йил давомида сайёҳлар учун яратилган асосий имкониятлар ва қулайликлар, ишга тушган янги йирик объектлар, гастрономик ва туризм кўчалари, туризм соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ҳудудий инфратузилмани яхшилаш, туризм соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, 2025 йилда туризм соҳасидаги устувор вазифалар ва режалар, хусусан, янги сайёҳлик йўналишларини жорий этиш, мамлакатнинг туристик имижини янада мустаҳкамлаш, ташкилий ва инфратузилмавий ўзгаришлар, экологик туризмни ривожлантириш ва барқарор сайёҳликни таъминлаш бўйича аниқ қадамлар белгилаб ўтилди.
Тадбирда, шунингдек, туризм соҳасидаги инновацион технологиялар ва рақамли платформаларни жорий этиш ҳамда туризм инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган стратегиялар ҳақида ҳам сўз юритилди.