Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Мерих Демиралнинг Австрия устидан қозонилган ғалабадан (2:1) кейинги ишорасига муносабат билдирди.
Аввалроқ, Туркия миллий жамоаси ҳимоячиси турк миллатчиларининг жестини кўрсатгани учун УЕФА томонидан иккита ўйинга дисквалификация қилингани эълон қилинди.
«Кимдир Германиянинг либосида бургут рамзи борлиги ҳақида гапирадими?
Кимдир Франция миллий жамоаси либосларида хўроз рамзи туширилганини айтадими? Кимдир нега шунақа деб сўрайдими?
Мерих бу ишораси билан қувончини ифода этмоқчи бўлган», - дейди Туркия президенти.
«Миллиет» нашри хабарига кўра, Туркия Футбол Федерацияси УЕФАнинг Демирални 2 ўйинга дисквалификация қилиниши бўйича қарори устидан Спорт халқаро арбитраж судига (CAS) шикоят аризасини киритади. Қайд этилишича, CAS УЕФАнинг тегишли қарорини тез орада кўриб чиқиб, эртагаёқ бу борадаги якуний қарорини маълум қилади.
Маълумот учун, Евро-2024 нимчоракфиналида Туркия Австрияни (2:1) мағлуб этди. Туркларнинг иккита голига ҳам Демирал муаллифлик қилиб, у ғалабани «кулранг бўрилар» гуруҳининг саломи билан нишонлаганди. Бу жест турк миллатчилари ва пантуркчилар ишораси саналиб, Австрия ҳамда Европанинг бир қатор мамлакатларида тақиқланган.
Туркия чоракфиналда Нидерландияга қарши ўйнайди. Баҳс 6 июл шанба оқшомида соат 23:59да бошланади.