Бугун 23 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон ва ШҲТ: кўптомонлама ҳамкорликнинг янги қамрови

Ўзбекистон ва ШҲТ: кўптомонлама ҳамкорликнинг янги қамрови

Ўзбекистон Давлат мустақиллигининг 30-йиллиги арафасида мамлакатимизнинг барча соҳаларида ислоҳотларнинг жадал суръатларда амалга оширилиши, янги ғояларнинг, жумладан ривожланиш истиқболлини белгилашнинг янги усуллари ва шаклланишини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, бир томондан, ижтимоий йўналтирилганлиги, кўлами, қамрови, суръати билан олдингилардан кескин фарқ қилса, иккинчи томондан - халқаро мунособатларнинг жиддий трансформацияси, анаънавий ва янги куч марказлари ўртасидаги тарангликнинг ортиб бориши, айниқса пандемия туфайли жаҳон сиёсатдаги зиддиятларнинг янги шакллалари вужудга келаётган мураккаб бир шароитида олиб борилмоқда. Айтиш мумкинки, бундай шароитда ички ва ташқи сиёсатнинг уйгунлигини таъминлаш, миллий манфаатларни тез суръатларда ўзгараётган реалликка мослаб бориш бориш – Ўзбекистон ташқи сиёсатида турган устувор масалалардан бири. Ушбу вазифани изчил ва самарали ечиш эса уни “минтақадаги масъул давлат” мақомига етаклаб, халқаро майдондаги нуфузининг ортиб бориши учун хизмат қилмоқда.

Ушбу ташқи сиёсий мақсадни ҳаётга тадбиқ этишнинг серунум воситаларидан бири – замонавий халқаро муносабатлардаги мавжуд кўптомонлама дипломатиянинг кенг имкониятларини самарали сафарбар қилиш. Бу йил 20 йилни қаршилаган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти айнан ана шундай муҳим дипломатик платформадир.

Ўзбекистонда кузатилаётган жиддий модернизация ва ислоҳотлар жараёни мамлакат ташқи сиёсатида, шу жумладан, унинг ШҲТ доирасидаги фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб берди, дейиш мумкин. Мамлакатимиз янги ташқи сиёсий фаолият стратегиясининг муҳим тамойиллари - ташаббускорлик, прагматизм ва очиқлик – унинг ушбу тузилмадаги иштирокида ҳам ўз аксини топмоқда. ШҲТнинг Остона (2017 йил), Циндао (2018 йил), Бишкек (2019 йил) ва Москва (2020 йил) саммитларида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар бунинг тасдиғи бўла олади.

Хусусан, Ўзбекистон Республики Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йилдаги ШҲТ саммитидаги дастурий нутқида миллий манфаатларимизга таянган ҳолда, халқаро мунособатларда короновирус туфайли вужудга келган ва келаётган янги тенденцияларни инобатга олувчи стратегик таклифларни илгари сурган эди. Дарҳақиқат, кейинги салкам икки йил ичида пандемия халқаро муносабатларда кечаётган фундаментал ўзгаришларни янада кескинлаштириб юборди, давлатлар ва халқаро ташкилотлар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Буни чуқур англаш ва тегишли хулосалар қилиши ҳали давом этаётган жараён.

Шундай бир шароитда Ўзбекистон етакчиси “ШҲТ ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина кучли бўлади” – деган жиддий мулоҳазаларга ундовчи фикрни ўртага ташлади. Қолаверса, давлатимиз раҳбари давом этаётган мураккаб шароитда ташкилот қандай вазифаларни белгилаб олиши ва уларга қандай эришиш хусусида ҳам аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Биринчидан, маълумки, инқироз даврида миллий бозорларни ҳимоя қилиш ва уларни салбий оқибатлардан сақлаш мақсадида мамлакатлар турли хил тўсиқлар ва таъқиқларни жорий этмоқда. Бундай чоралар қисқа давр учун самарали бўлиши мумкин, аммо узоқ муддатли истиқбол учун - ҳам миллий, ҳам жаҳон иқтисодиёти учун тизгинловчи омил сифатида намоён бўлмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарининг асосий тезиси тизгинловчи омилларни бекор қилишга ва ШҲТга аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига туртки беришга қаратилган. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни ва ишлаб чиқариш кооперациясини жонлантириш чоралари таклиф қилинди. Ушбу мақсадларга эришиш механизми сифатида ўзаро савдода тўсиқларни бартараф этиш, божхона таомилларини соддалаштириш, мамлакатлар ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш ва ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Иккинчидан, ШҲТ доирасида аҳоли саломатлигига янги таҳдидлар ва хавфларга қарши кураш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш таклифи илгари сурилди. Пандемия соғлиқни сақлаш тизими миллий сарҳадларда чекланиб қолмаслиги, аксинча минтақавий ва глобал миқёсда келишилган ёндашув ва ҳамкорликка объектив эҳтиёж эканлигини аниқ-равшан намоён қилди. Афсуски, бу жараёнлар секин кечмоқда, пандемия атрофидаги вазият етакчи куч марказлари ўртасида анъанавий зиддиятлар билан қоришиб кетиши кузатилмоқда. Лекин, бу – бундай чегара билмас муаммонинг ечимсиз қолишиши керак, дегани эмас.

Шу нуқтаи-назардан Президент Ш.М.Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш тизимига янги масофавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек хавфли юқумли касалликлар тарқалиши тўғрисида ахборот алмашинуви тизимини яратиш, ШҲТ мамлакатлари турдош клиникалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, ҳамда эпидемияни келтириб чиқарадиган касалликларга қарши кураш бўйича тиббий муассасаларнинг кенг тармоғини шакллантириш ҳақидаги таклифи долзарб ва замон билан ҳамнафасдир. Юқумли касалликлар диагностикаси, профилактикаси ва уларни даволаш соҳасида тажриба алмашишга йўналтирилган қўшма халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шифокорларнинг қўшма отрядлари фаолиятини ва уларни тайёрлашни ташкил қилиш бўйича аниқ таклифлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу чоралар бутун дунё учун янги бўлиб, нафақат ШҲТ га аъзо мамлакатлар, балки бошқа мамлакатлар манфаатларига ҳам жавоб беради.

Учинчидан, рақамлаштириш трансформацияси кечиктириб бўлмас вазифа эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Жоиз бўлса, бу – глобаллашувда сифат жиҳатдан янги трендни бошлаб бермоқда. Айниқса пандемия шароитида рақамли технологиялар дунёдаги барча мамлакатларнинг тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омилга айланмоқда.

  • етакчиси ушбу мавзуни ШҲТ кун тартибидан қатъий жой олиш кераклигини қайд этаркан, аҳолининг кенг қатламларини рақамли саводхонликка ўқитиш ва ушбу мутахассислик бўйича кадрларни тайёрлаш бўйича келишилган ўқув режаларини яратиш таклиф қилинмоқда. Нега йирик қўшма лойиҳалар эмас, рақамли саводхонликдан бошлаш жоиз, деган туғилиши мумкин. Катта мақсад сари йўл – кичик қадамлардан бошланади. Қолаверса, глобал рақамлашиш – мунозарали масала бўлиб қолмоқда. Афсуски, халқаро миқёсда бу соҳада ҳамкорликдан кўра рақобат кўпроқ кузатилмоқда. Бундай бир шароитда рақамли саводхонликни изчил ошириш ва бу тармоқда рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш орқали ушбу йўналишдаги энг асосий муаммо – ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги ортиб бораётган тафовутни қисқартириш йўлида кичик, ўта керакли қадам эканлиги шубҳасиз.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзгараётган минтақавий ва халқаро шароитга қарамасдан, ШҲТ ташкил топган илк даврдаги асосий устувор вазифа – Марказий Осиёда барқаорлик ва хавфсизликни таъминлаш янгича долзарб аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади. Бу хатарлар ўзгармоқда, янгича тус олмоқдаю «…Ҳозирги шароитда террорчилик, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари сусайгани йўқ, аксинча кучаймоқда ва янги шаклларда намоён бўлмоқда» - деди хусусан мамлакатимиз етакчи Москва саммити давомида. Бундан ташқари, ёшларнинг радикаллашувида, террорчиларни молиялашда ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқларнинг роли ортиб бормоқда ва бу ташкилот олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Дарҳақиқат, 20 йил аввал таъсис этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муҳим доктриниал асосларини “уч ёвузлик”ка қарши кураш концепцияси ташкил этган ва бу борада тузилма эришган ютуқлар шубҳасиз. Лекин, ўтган давр ичида минтақа ва унинг атрофида вазият жиддий ўзгарди ва бу жараён давом этмоқда. Шундай бир шароитда, Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан ташкилотни ўзгариб бораётган хавфсизлик соҳасига мослаштириш, ваколатли идораларнинг ишчи алоқаларини жонлантириш, бу борада таъсир кўрсатишнинг янги механизмларини жорий қилиш хусусидаги фикрлари катта аҳамият касб этади.

Қолаверса, яқин орада АҚШ ва НАТО ҳарбий қисмларининг Афғонистондан олиб чиқилиши минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалаларининг қайтадан ШҲТ кун тартибидаги устувор масалалардан бири сифатида қўймоқда. Вашингтонда бу ҳақда ҳали қарор қабул қилинмасдан олдин, ШҲТнинг ўтган йилги саммитида Ўзбекистон етакчиси “…бугунги кунда Афғонистонда узоқ кутилган тинчликни асраш бўйича тарихий имкониятни сақлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир” – деб баён қилганди. Шу мақсадга эришиш учун “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳининг келгуси хатти-ҳаракатларига оид “Йўл харитаси” доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи илгари сурилди.

Шуни алоҳида таъкиддлаш керакки, расмий Тошкент Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш масаласига доимий равишда эътибор қаратиб келади. Президент Ш.Мирзиевнинг янги - “ШҲТ-Афғонистон” Мулоқот гуруҳининг 2019 илда қабул қилинган “Йўл харитаси”ни аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ташаббуси – Ўзбекистоннинг ушбу муаммога нисбатан прагматик ёндашувининг яна бир тантанаси. Сўз аниқ ишлар – қирқ йилдан ортиқ уруш сабаб азоб чекаётган Афғонистон иқтисодиётининг тикланишига, ушбу мамлакат аҳолисининг фаровонлигини ошириш учун хизмат қилувчи инфраструктура тизимларини шакллантириш, ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш хусусида.

Бешинчидан, ШҲТ доирасида Афғонистонни минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга тобора кенг жалб этиш Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотдаги яна бир устувор ёндашуви – Марказий Осиё ва унинг атрофида транспорт ва иқтисодий ўзаро боғликликни кучайтириш учун муҳим геосиёсий шарт-шароитларини яратиб бериши аниқ. Шак-шубҳасиз, Афғонистондаги тинч тараққиёт – мазкур жумбоқнинг шартли ечимларидан бири.

Шу маънода ўзгариб бораётган халқаро ва минтақавий вазиятда ШҲТнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик ва устувор йўналиши – Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, серқиррали ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни изчил равишда бартараф этиш учун қулай платформа сифатидаги ролининг ортиб бориши кутилмоқда.

С.Жўраев, Тошкент Давлат Шарқшунослик Университети профессори.

Р.Нурембетов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи.

С.Убайдуллаева, Тошкент Давлат Шарқшунослик Университети ўқитувчиси.

Киритилди: 17:59 02.07.2021. Ўқилди: 2494 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!