Бугун 19 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Зурабишвили президентлик ваколатини топширмаслигини эълон қилди

Зурабишвили президентлик ваколатини топширмаслигини эълон қилди

Грузиянинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвили, Михаил Кавелашвилининг янги давлат раҳбари этиб сайланганига қарамай, 29 декабрь куни ваколати ниҳоясига етса ҳам ўрнини бўшатмаслигини яна бир бор таъкидлади.

– Ҳа, ҳеч нарса ўзгармади, -деди Зурабишвили Швейцариянинг “Temps” газетасига берган интервьюсида.

Шунингдек, у Европа Иттифоқини намойишчиларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Президентнинг айтишича, у энди ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси билан ҳеч қандай алоқада эмас.

Маълумки, 14 декабрь куни Руставели проспектидаги Грузия парламенти биносида мамлакатнинг янги президенти сайлови бўлиб ўтди. Шу куни кечга бориб Марказий сайлов комиссияси ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясидан номзод Михаил Кавелашвили Грузия президенти этиб сайланганини эълон қилди.

Зурабишвилининг фикрича, “ноқонуний парламент билан қонуний президентлик сайловлари бўлиши мумкин эмас”. Шундан келиб чиқиб, Зурабишвили ўзини мамлакатдаги ҳокимиятнинг ягона қонуний вакили деб эълон қилди. Бунга жавобан, давлат бош вазири Ираклий Кобахидзе Зурабишвилининг “руҳий ҳолатини” тушунишини, лекин у инаугурация куни ўз қароргоҳини тарк этиши лозимлиги ва бу бинони қонуний сайланган президентга топшириши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолиси Брюссель ва Вашингтонда чоралар кўрилишини кутмоқда.

Бош вазир Ираклий Кобахидзе ўлканинг Европа Иттифоқига аъзолиги бўйича музокараларни бошлаш масаласини кўриб чиқишни 2028 йилгача тўхтатиш қарорини эълон қилганидан кейин, 28 ноябрь куни Грузияда мухолифатининг навбатдаги норозилик намойишлари бошланиб кетди.

“РИА Новости” хабарига кўра, кеча сешанба куни ҳам Тбилисида ҳукуматга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтган.

Сиёсий таҳлилчилар Саломе Зурабишвили парламент ва президент сайлови натижаларини тан олмаслиги, ўз ваколатларини топширмаслиги шундоқ ҳам ўта таранг бўлиб турган мамлакатдаги сиёсий вазият янада кескинлашиши мумкинлигини айтмоқда.

Киритилди: Бугун 12:55. Ўқилди: 758 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!