Зеленский Украинанинг Россия билан музокаралардаги кейинги иштироки масаласини асирлар алмашинуви якунланганидан сўнг ҳал қилишини айтди.
"Алмашинув тахминан 20–21 июн кунлари якунланади. Шундан сўнг, биз кейинги қадамларимизни муҳокама қиламиз", — дея изоҳ берди Украина президенти.
Володимир Зеленскийнинг бошқа баёнотлари:
◾️ Украина ва АҚШ президентлари жамоалари G7 саммити доирасида менинг Трамп билан учрашувимни ўтказиш устида ишлашмоқда. Биз ушбу учрашувда Москва билан кейинги музокаралар ва Россияга қарши санкциялар масалаларини кўтаришни режалаштирмоқдамиз;
◾️ Бизга Қўшма Штатлар президентининг сиёсий иродаси керак, Трамп кучли қадамлар ташлашини истаймиз;
◾️ АҚШ президенти ҳали Россияга қарши санкциялар киритиш ёки киритмасликка қарор қилмаган бўлса, демак у буни қандайдир кучли ҳаракат учун сақлаб қолмоқда. Балки у Россия билан "мулоқот ойнаси”ни бутунлай ёпиб қўйишдан чўчиётгандир;
◾️ Украина Қўшма Штатлардан олишни истаётган “глобал даражада кучли” қуроллар пакети бўйича таклиф тайёрлаган. Аммо бу масалада президентлар даражасида келишув зарур, бу харид бўйича пакет кўринишида бўлиши мумкин;
◾️ АҚШ Яқин Шарқ минтақасига 20 мингта ракеталарни жўнатди, Украина уларни олишга умид қилаётган эди. Бу биз учун оғир зарба бўлди, бироқ бу Исроилнинг Эронга қарши операцияси яқинлашаётгани учун амалга оширилди;
◾️ Россияликлар Суми вилоятида тўхтатиб қолинди, биз позицияларимизни мустаҳкамлаяпмиз;
◾️ Россияликларнинг Днепропетровск вилоятидаги ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Россия армияси қандай бўпмасин Днепропетровскнинг маъмурий чегарасига суқилиб киришга уринмоқда.