Украина президенти Володимир Зеленский Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси (НАБУ) ва Коррупцияга қарши махсус прокуратура (САП) мустақиллигини амалда бекор қилган қонун атрофидаги норозиликлар юзасидан фикр билдирди.
Унинг айтишича, бу мавзу юзасидан ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан кўплаб йиғилишлар ўтказилган.
"Биз ушбу институтларнинг барча раҳбарлари биргаликда ҳаракатлар режасини — Украинада қонун устуворлигини кучайтиришга қодир аниқ қадамларни таклиф қилишга келишиб олдик. Албатта, биз одамларнинг айтаётган гапларини эшитдик. Бу бежиз эмас. Биз барча хавотирларни, нимани ўзгартириш кераклигини ва нималарни фаоллаштириш зарурлигини таҳлил қилдик", — деди Украина етакчиси.
Зеленский Олий Радага “ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини кучайтирадиган” қонун лойиҳасини киритишини маълум қилди. "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишига ҳеч қандай россияпараст таъсир ёки аралашув бўлмайди. Бу жудаям муҳим. Янги қонунда коррупцияга қарши институтлар мустақиллиги учун зарур бўлган барча нормалар кўзда тутилади", — дея қўшимча қилди Зеленский.