Биласизми, яқинда Осиё сайтлари Япониянинг Химэдзи шаҳрида бўлиб ўтган ғалати ҳодиса ҳақида бонг ура бошлади. 20 ёшли йигит деярли ярим йилдан буён ўзига нотаниш бўлган бир аёл хонадонида билдирмай яшаётган экан.
Нотаниш меҳмонни охир-оқибат 90 ёшли аёлнинг ўғли пайқаб қолди. Бир куни онасини кўргани келган ўғил ғалати товушни эшитиб қолади ва иккинчи қаватга чиқиб, матрасда бамайлихотир хуррак отиб ётган нотаниш йигитни кўради.
Кўрганларидан ҳайратга тушган эркак унинг устидан қулфлаб, пастга тушади ва онасидан юқорида бир йигит яшаётганидан хабари бор-йўқлигини сўрайди. Аёл бундан хабари йўқлигини айтади. Шунда у полицияни чақириб, йигитни уйғотади.
Кутилмаган меҳмонни шу заҳотиёқ ҳибсга олишди. Текширувлардан маълум бўлдики, йигит бу ерда 12 декабрдан буён яшаётган экан.
Кекса аёл охирги вақтларда иккинчи қаватга чиқмай қўйганини таъкидлаган. Ҳеч қандай шубҳали овозни ҳам эшитмаган. Энг қизиғи, йигит япон анъанасига кўра, оёқ кийимини доим эшик олдида ечиб қолдирган. Пенсионер аёл эса буни ҳам сезмаган.