Япониянинг илғор илмий марказларидан бири бўлган Киото шаҳридаги ATR Computational Neuroscience лабораторияси инсон онгининг энг сирли жабҳаларидан бири — тушлар оламига кириш йўлини очувчи технологияни ишлаб чиқди.
Бу технология орқали инсон мияси фаолияти асосида кўрилган тушларни ёзиб олиш ва визуал шаклда қайта тиклаш имконияти юзага келмоқда.
Мазкур технология неврология, сунъий интеллект ва тасвирларни қайта ишлаш соҳасидаги энг сўнгги ютуқларга асосланади. Тизим ишлаши давомида инсон миясининг фаолияти магнит-резонанс томографияси (МРИ) ёрдамида кузатилиб, туш пайтида пайдо бўладиган визуал сигналлар махсус алгоритмлар орқали декодланади. Сўнгра ушбу маълумотлар асосида кўрилган тушнинг тахминий визуал тасвири тикланади.