Нидерландиянинг GasTerra энергетика компанияси Россия гази учун рублда тўлашдан бош тортганини маълум қилди, шундан сўнг “Газпром” уни 31 майдан етказиб беришни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирди.
“GasTerra Газпромнинг бир томонлама тўловлар бўйича талабларига риоя қилмасликка қарор қилди. Ушбу тўлов талаблари Россия президенти Владимир Путиннинг рус гази учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги фармонида белгиланган” дейилади GasTerra компанияси баёнотида.
Баёнотга кўра, энди амалдаги шартнома бўйича 2 миллиард куб метрга яқин газ олинмайди. GasTerra қарорига жавобан Газпром бугун, 31 майдан бошлаб газ беришни тўхтатишини эълон қилди.
Компания Россияга Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришни истамаслигини, шунингдек, Москва таклиф қилган тўлов схемасининг “катта молиявий ва операцион хавф” экани билан изоҳлаган.
Март ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Россия газини Европа давлатларига етказиб бериш учун тўловларни рублга ўтказишни топширди. Янги схема харидорга Газпромбанкда рубл ва еврода иккита ҳисоб очишни ўз ичига олади, кейинчалик у ички бозорда рубл сотиб олади.
Бир қатор давлатлар ва компаниялар янги шартлар бўйича тўлашдан воз кечишларини аллақачон эълон қилишган.
Бунга жавобан Газпром Польша, Болгария ва Финляндияга зангори олов экспортини тўхтатган.