Бу ҳақда ҳусийлар вакили ўзининг телевизион мурожаатида маълум қилди. Гуруҳнинг таъкидлашича, ушбу қамал Саудия Арабистони томонидан ўзларига нисбатан қарийб 12 йилдан бери давом этиб келаётган адолатсиз ва шафқатсиз қамалга жавобдир.
Ўтган ҳафтада ҳусийлар қиролликни ўз назорати остидаги Сано аэропортни бомбардимон қилишда айблаб, Саудия Арабистони ҳудудига ракета зарбаларини йўллаган эди. Шунингдек, ҳусийлар Саудия Арабистонини 2022 йилдан буён томонлар ўртасида амалда бўлиб келган норасмий сулҳни бузганликда айблади.
Ҳусийлар денгиз блокадасини АҚШнинг Эрон билан уруши ва давлатлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг барбод бўлиши фонида эълон қилишди. Теҳрон ҳусийларни қўллаб-қувватлайди. Саудия Арабистони эса Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчиларидан бири ҳисобланади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Эрон Ямандаги иттифоқчиси бўлмиш ҳусийларни Қизил денгизга кираверишдаги Боб ал-Мандеб бўғозини ёпишга кўндирган бўлиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Боб ал-Мандеб тор денгиз бўғози бўлиб, у Қизил денгизни Адан қўлтиғи билан боғлайди. Бу йўл орқали Саудия Арабистони нефти ва жаҳон юк ташиш ҳажмининг катта қисми ўтади. Боб ал-Мандеб Ҳўрмуз бўғозидан кейин дунёдаги энг муҳим иккинчи энергия йўлаги ҳисобланади.