Интернет тармоғида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган жойда туширилган суратлар тарқалди. Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
7 май куни Яккасарой тумани навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, соат 15:50 да Шота Руставели ва Гавҳар кўчалари кесишмасида ЙТҲ содир бўлган. 22 ёшли Фахриддин О. бошқарувидаги Lacetti русумли автомобиль (давлат рақами 01 Z 634 UA), 26 ёшли Дониёр З. бошқарган Spark русумли автомобилга (давлат рақами 01 L 411 VA) тўқнашган. Фахриддин О. масофа сақламаганлиги сабабли йўлга чиққан пиёдани кўриб тўхтаган автомобиль ортида ўз вақтида тўхташга улгурмаган.
ЙТҲ натижасида Lacetti ҳайдовчиси тан шикастлари билан тиббий ёрдам учун мурожаат қилди.
Фойдаланувчиларнинг хабарларида пиёдага жиддий шикаст етгани айтилмоқда, аммо ушбу маълумот ҳақиқатдан йироқдир – автомобиль пиёдани уриб юбормаган, пиёда кутилмаган ҳолатдан мувозанатни йўқотиб йиқилгач, ўрнидан ўзи турган. Эҳтиётан пиёда ИИББ ходимлари томонидан тиббиёт муассасасига олиб борилди: у ерда шикаст етмагани тасдиқланди. Пиёда автомобиль унга тегмаганини ва ўзини яхши ҳис этаётганини тасдиқлаб, шифохонани тарк этди.