Хусийлар вакили Муҳаммад Абдусаломнинг айтишича, Эрон раҳбарияти, халқи ва армияси 12 кун давомида мустақиллик, эркинлик ва фаластинликларни қўллаб-қувватлаш йўлида қурбонликлар берди.
«Исроилга ҳар куни уюштирилган вайронкор ракета зарбалари — бу Эронга ғурур бағишловчи тарихий саҳифа бўлди. Чунки бу мамлакат Ғарб қуроллари билан қуролланган душманга қарши ўз қуролини ишлатган биринчи давлатдир», — деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, бу кураш фақатгина Исроилга қарши бўлмаган, балки тажовузни қўллаб-қувватлаган АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларига қарши ҳам олиб борилган.
Унинг фикрича, Эроннинг «қаҳрамонона» қаршилиги шуни кўрсатдики, минтақадаги ҳарбий тажовузлар жазосиз қолмайди.
Аввалроқ Эрон президенти Масъуд Пезешкиан Исроил ҳужумларни қайта бошламаса, Эрон ҳам ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишини билдирган эди.
«Агар сионистик режим ўт очишни тўхтатиш режимига амал қилса, Эрон ҳам уни бузмайди. Биз Эрон халқиing қонуний ҳуқуқларини музокара столидаёқ ҳимоя қилишга тайёрмиз», — деган эди Пезешкиан.