Статистик маълумотларга қараганда, ўтган йили олий таълим тизимидаги талабаларнинг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Ўзбекистон аёллар саводхонлик даражаси (99,9 фоиз) бўйича дунё мамлакатлари орасида етакчилардан саналади. Аммо бу рақамларнинг ўзи етарли эмас. Бугунги замонавий Ўзбекистоннинг янги тараққиётида ҳар томонлама фаол, ташаббускор аёлларга катта эҳтиёж бор.
Пойтахтимизда “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш” мавзусида бўлиб ўтаётган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича Комиссияси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон МакГрегор тадбирнинг нуфузли меҳмони бўлди.
Мулоқотлар аввалида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари зарурати ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Мамлакатимиз тарихида илк бор қабул қилинган гендер тенглик тўғрисида қонун ўзбек аёллари ҳаётида нималарни ўзгартиради? Мамлакатда-чи? Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Сайёра Баратова бу ҳақда шундай деди:
– Янги қонунга кўра, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди. Худди шу каби кафолат жамият ҳамда давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёнида тенг иштирок этиш, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини ҳам кўзда тутади. Энг муҳими, мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини бутун жамиятимиз, айниқса, эркакларимиз тўғри тушуниб, тўлиқ англаб етсагина, барча соҳада хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришилади.
Аёлнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигида оиланинг ўрни ниҳоятда муҳим. Чунки у қачонки, оиласи тинч бўлса, ҳаётидан мамнун, хотиржам бўлади. Шундагина янги ғоялар ва яхши мақсадларга ташаббус кўрсатади.
Мамлакатимизда 8,3 миллиондан зиёд оиланинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалардан иборат. Ўрганишларга кўра, оилавий ажримларнинг аксарияти 1 йилдан 5 йилгача бирга ҳаёт кечирганлар “ҳиссаси”га тўғри келади. Давра суҳбатининг оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган қисмида шу каби маълумотлар айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, ёш оилалардаги ажрашиш сабаблари аксарият ҳолларда йигит-қизларнинг оилавий ҳаёт, оила муқаддаслиги ҳақида етарли кўникмаларга эга эмаслиги билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шунинг учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда марказ Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда 116 туман марказида ана шундай масканларни ташкил этди. Уларга 400 дан ортиқ мутахассис жалб этилди, 6000 дан ортиқ келин-куёв ўқитилди.
Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўриш зарур бўлаяпти? Давра суҳбатида таъкидланишича, бу борада аввало, оила масалаларига оид ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш лозим. Жумладан, Оила кодексини инвентаризациядан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, мамлакатимиз олий ўқув юртларида оилавий психологлар тайёрлашга катта эҳтиёж бор.
Икки кунлик тадбир мобайнида иштирокчилар хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ҳам ўзаро фикр-мулоҳаза алмашади.