Эрлинг Холанд Норвегия терма жамоасида яна бир юқори натижани қайд этди.
"Манчестер Сити" ҳужумчиси Миллатлар лигасида Данияга қарши ўтказилган учрашувда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Холанд 18 ва 74-дақиқаларда гол уриб, Норвегиянинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Ушбу дублдан кейин 26 ёшли форварднинг миллий терма жамоадаги голлари сони 64 тага етди. Бунинг учун унга 56 та учрашув кифоя қилди.
Шу тариқа, Холанд терма жамоалар миқёсида 62 тадан гол урган Бразилия афсонаси Роналдо ҳамда Швеция футболи юлдузи Златан Ибраҳимовични ортда қолдирди.
Эрлинг Норвегия миллий жамоасида 2019 йил кузида дебют қилган эди. Клуб миқёсида ҳам у юқори самарадорлик кўрсатмоқда: жорий мавсумда "Манчестер Сити" сафида барча турнирларда 7 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урган.