Бугун 17 январь, 2025 йил, жума

O'ZB

Хитойликлар Германиядаги Volkswagen заводларини сотиб олмоқчи

Хитойликлар Германиядаги Volkswagen заводларини сотиб олмоқчи

Хитой компаниялари ва ҳокимият органлари ёпилиши режалаштирилган Германия автомобиль заводларига, айниқса, Volkswagen концерни корхоналарига қизиқиш билдирмоқда, деб ёзади Reuters Хитой ҳукуматининг режалари билан таниш бўлган манбага таяниб.

Германия заводларини сотиб олиш Хитойга Германия автомобиль саноатида ўз таъсирини кучайтириш имконини берарди. Хитой компаниялари аллақачон Германия иқтисодиётининг турли соҳаларига сармоя киритаётганига қарамай, Германияда автомобиль ишлаб чиқариш улар учун ҳамон янги уфқ бўлиб қолмоқда.

Reuters агентлигининг ёзишича, Германия автомобиль заводларига сармоя киритиш Хитойнинг энг нозик сиёсий қадами бўлиши мумкин. Узоқ вақт давомида Германиянинг саноат қудрати рамзи ҳисобланган Volkswagen иқтисодий пасайиш ва яшил технологияларга ўтиш туфайли қийинчиликларга дуч келди. Германияда электромобиллар ишлаб чиқариш Хитой компанияларига Европа Иттифоқининг импорт автомобилларга солиқларидан қочиш имконини бериши мумкин. Бу эса уларнинг Европа автомобиль ишлаб чиқарувчиларига нисбатан рақобатбардошлигини янада оширади.

Volkswagen харажатларни қисқартириш дастури доирасида Дрезден ва Оснабрюкдаги заводларни ёпиш имкониятини кўриб чиқмоқда, аммо Оснабрюкдаги заводни хитойлик харидорга сотишга тайёр. Компания вакили унинг мақсади фирма ва унинг ходимлари манфаатларини ҳисобга оладиган ҳаётий ечим топиш эканлигини тасдиқлади. Шу билан бирга, Хитой компаниялари иш ўринларини кафолатлаш ва ишлаб чиқаришни сақлаб қолишни талаб қилаётган Германия касаба уюшмаларининг муносабатидан хавотирда.

Reuters‘нинг ёзишича, кўплаб Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчилари Европада заводлар очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Баъзилари Венгрия ва Туркия каби арзонроқ мамлакатларда заводлар қурмоқда.

Киритилди: 18:35 16.01.2025. Ўқилди: 410 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!