Хитойнинг жануби-шарқида жойлашган Цзянси провинциясида юз берган лой ва тош сели оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда «Xinhua» ахборот агентлиги хабар берди. Табиий офат 5 сентябрь куни эрталаб Цзиань шаҳар округида қайд этилган. Айни пайтда етти киши бедарак йўқолгани маълум қилинмоқда.
Кучли сел оқими саккизта турар жойни бутунлай вайрон қилган, яна тўртта бинога эса енгил зарар етказган.
Офат ҳудудида 170 дан ортиқ киши иштирокида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, йўлларни мустаҳкамлаш ва янги геологик офатларнинг олдини олиш мақсадида муҳандислик ишлари ҳам олиб борилмоқда.