Бугун 1 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Хитойда коронавирус юқтириб олганини яширган шахсларга ўлим жазоси тайинланди

Хитойда коронавирус юқтириб олганини яширган шахсларга ўлим жазоси тайинланди

Хитойда коронавирус билан касалланган, бироқ хасталигини қасддан яширган ёки сафарлари тарихини ошкор қилмаган фуқароларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда, Пекиндаги ўрта даражадаги Иккинчи халқ суди баёнотига асосланиб, Beijing Daily газетаси хабар берди.

Суд вакилларининг тушунтиришича, касаллик белгилари (йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, чарчоқ ва бошқалар) ҳақида расмийларга ёки шифокорларга хабар бермаган, сўнгги бир неча ҳафта давомида Уханда бўлганини ёки коронавирус билан хасталанган беморлар билан яқин мулоқот қилганини яширган, шунингдек, коронавирус ташхиси қўйилган-у, лекин бу ҳақда маълум қилмаган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

Таъкидланишича, зотилжамга чалинган, бироқ «самарали ҳимоя чораларини кўрмасдан» жамоат жойларига борган беморлар ҳам жазоланади. Суд бундай ҳолатларни инфекцияни қасддан юқтиришга уриниш, деб талқин қилган; қайд этишларича, бундай қилмиш учун фуқаро уч йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Коронавирус ҳақидаги тўлиқ маълумотни ушбу ҳавола орқали сайтимизда танишиб боришингиз мумкин.

Агар коронавирус ташхиси қўйилган бемор карантин ёки даволанишдан бош тортса, у бу ҳаракати билан «номаълум миқдордаги одамлар» хавфсизлигини таҳдид остида қолдиради. Бундай қилмиш учун айбланувчи уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Борди-ю беморнинг хатти-ҳаракатлари жамоат хавфсизлигини таҳдид остида қолдирса, бошқа инсоннинг «жиддий жароҳат олиши ёки ўлими»га сабаб бўлса ёхуд «давлат ёки хусусий мулкнинг сезиларли зарар кўришига» олиб келса, ҳуқуқбузар 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши, умрбод қамоқ ёки ўлим билан жазоланиши мумкин.

Коронавирус ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳри маъмурияти 14 февраль куни карантин тартибини яна-да кучайтирди. Янги қоидаларга мувофиқ, шаҳар аҳолиси унинг бир кичик туманидан иккинчи кичик туманига жиддий асослар бўлган тақдирдагина ўтиши мумкин бўлади. Ушбу чеклов шифокорлар кўрсатмасига асосан шаҳарнинг бошқа қисмига бориши лозим бўлган шахсларга тааллуқли эмас.

Киритилди: 16:20 16.02.2020. Ўқилди: 3684 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!