Хитой билан зиддият кучайса, Тайван «ҳалокат»га дуч келади, деди Хитой Давлат кенгаши қошидаги орол ишлари бўлими раиси Чен Бинхуа. Унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирмоқда.
"Биз ҳеч қачон куч ишлатишдан воз кечиш мажбуриятини ўз зиммамизга олмаймиз....Тайванда қанча қўшин борлиги ва қанча қурол сотиб олгани муҳим эмас, ташқи кучлар аралашуви ҳам муҳим эмас. Агар [Тайван] таваккал қилишга журъат этса, бу унинг ўз ҳалокатини келтириб чиқаради," - деди Чен Бинхуа.
Унинг таъкидлашича, Хитойнинг миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари "бир дақиқа ҳам тўхтамайди." "Биз имкон қадар самимий ва қатъият билан тинч йўл билан бирлашишга интилишга тайёр эканимизни билдирамиз..." - деди Чен Бинхуа матбуот анжуманида.
У Тайван яқинидаги ҳарбий машғулотлар фонида баёнот берди. 14 октябрь куни Хитой армияси Тайван атрофидаги сувларда "Қўшма қилич - 2024Б" машғулотларини ўтказди. Катта полковник Ли Сининг сўзларига кўра, машғулотлар Тайваннинг мустақиллигига интилаётган "сепаратист кучлар" учун "кучли" тўсиқ бўлиши керак. Манёврларда ҳарбий-денгиз флоти, ҳарбий-ҳаво кучлари, ракета қўшинлари ва бошқалар қатнашди. Тайван ҳукумати Хитойнинг ҳарбий машғулотларини провокация деб атади.