Хитой жанубидаги Гуандун провинциясининг Пингюан округида кучли ёмғирлар оқибатида 38 киши ҳалок бўлди, яна икки киши бедарак йўқолди. Бундай маълумотларни 21 июнь куни маҳаллий ҳокимият органлари маълум қилди, дея хабар беради «Синхуа» .
Пингюан округида 16 июнь куни кучли ёмғир ёғиб, ер кўчкилари ва сув тошқинларига сабаб бўлди.
Сув тошқини мавсуми бошланганидан бери Пингюан округида жамланган ёғингарчилик миқдори 1221,6 мм ни ташкил этди, бу одатдаги йиллардагидан деярли икки баравар кўп.
Дастлабки статистик маълумотларга кўра, ушбу табиий офатлардан округнинг 55388 нафар аҳолиси жабр кўрган, 2247 та бино вайрон бўлган.
Сув тошқинлари оқибатида етказилган зарар 5,85 миллиард юань ёки тахминан 822 миллион долларга баҳоланмоқда.
Воқеа жойида қутқарув ишлари олиб борилмоқда ва жабрланганларга ёрдам кўрсатилмоқда, шунингдек, тиклаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.