У ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин, дея хабар бермоқда Reuters.
Пекин Парасел архипелагидаги Антелоп рифида сунъий орол қуришнинг биринчи босқичини якунлади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу объект Хитойнинг энг йирик ҳарбий базасининг бир қисмига айланади.
Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, олти ойлик ишлардан сўнг кемалар ва дреджерлар (сув тубидаги лой, қум, шағал ва тупроқни кавлаб олиш ҳамда тозалаш учун мўлжалланган махсус техника) ҳудудни тарк этган. Вантор компаниясининг 19 июлдаги суратларида оролнинг жануби-шарқий қисмида вертолёт майдончаси ва бошқа бинолар қурилиши бошлангани кўринади.
Оролнинг узунлиги деярли 6 километрни ташкил этади. У ердаги 3 километрдан ортиқ тўғри қирғоқ чизиғида учиш-қўниш йўлаги барпо этилиши мумкин. Шунингдек, у ерда 680 метрлик чуқур сув порти ҳам қурилган.
Хитой Мудофаа вазирлиги бу ҳолат бўйича изоҳ бермади. Мамлакат расмий оммавий ахборот воситаларига кўра, бу объект об-ҳаво прогнози ва илмий тадқиқотлар каби фуқаролик эҳтиёжларига хизмат қилади. Бироқ Ветнам бу ҳаракатларга кескин қаршилик билдириб, орол устидан ўз суверенитетини даъво қилмоқда.
Экспертлар орол Хитойнинг минтақадаги ҳарбий мавқейини мустаҳкамлашига ишонч билдирмоқда. Антелоп рифи Тайван билан можаро юзага келган тақдирда муҳим стратегик нуқтага айланади.
Киритилди: Бугун 12:22.
Ўқилди: 642 марта.
Фикрлар сони: 0 та.