Бугун 28 октябрь, 2020 йил, чоршанба

O'ZB

Хави Сардор Рашидовга қўнғироқ қилди ва...

Хави Сардор Рашидовга қўнғироқ қилди ва...

Aввало легионеримиз Сардор Рашидов билан боғлиқ вазиятга чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, яхши биласиз, айни пайтда Қатар Юлдузлар Лигасида тўп сураётган ягона ҳамюртимиз ҳисобланади. 2019 йилдан бери "Қатар СК" шарафини ҳимоя қилиб келяпти. Ўтган вақт давомида Рашидов ушбу жамоа сафида 16 та учрашувда 5 та гол урди. Яқинда эса Қатар Юлдузлар Лигасида янги мавсумга старт берилди. Дастлабки учта турда эса, "Қатар СК" иккита мағлубият ва бир ғалаба қозонган ҳолда 8-ўринни эгаллаб турибди. Рашидов шубҳасиз жамоасининг асосий ижрочиларидан бирига айланган.

Яқинда хабар берганимиздек, Сардорнинг ушбу клуб билан тузган шартномаси тугаганди, аммо "Қатар СК" раҳбарияти ҳамюртимиз билан музокара олиб борган ҳолда янги шартнома имзолаганди. Натижада ҳамюртимиз янги мавсумни ҳам яна "Қатар СК" сафида бошлаганди. Бироқ эндиликда вазият ўзгариши кутилмоқда.

Гап шундаки, Қатарнинг энг машҳур, кучли ва совриндор клуби ҳисобланган "Aл Садд" томонидан Рашидовга жиддий қизиқиш бўлмоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, клуб бош мураббийи Хави ўзбекистонлик плеймейкерни ўз жамоасида кўришни жуда-жуда хоҳламоқда. Шу мақсадда у ҳамюртимизга қўнғироқ қилган ва футболчимизни "Aл Садд"да кўрмоқчи эканлигини билдирган ҳолда таклиф билан чиққан.

Бир қарашда бу легионеримиз учун жуда яхши чорлов. Чунки Хавидек мутахассис унга бежизга қизиқмаган. Қолаверса, у Қатар чемпионатида футболчи сифатида фаолият олиб борганида ҳам бир неча бор Рашидов билан тўқнаш келган ва унинг ўйинларини жуда яхши эслаб қолган. Шу сабабли Хави янги шакллантираётган жамоасида Сардор Рашидов режасининг бир қисмига айланишини истамоқда. Ҳаттоки испаниялик мураббий легионеримизга қўнғироқ қилишдан ташқари унга илиқ фикрлар битилган СМС ҳам ёзган. Бу борада Рашидовнинг ўзи sports.uz сайтига маълум қилди ва чиндан ҳам "Aл Садд"дан таклиф бўлаётганини тасдиқлади.

Умуман олганда, Хави Қатарга кўчиб ўтганидан бери Осиё футболи ва шу жумладан Ўзбекистон ҳақида ҳам етарли маълумотларга эга бўлиб бормоқда. Чунки у бир неча бор клубларимизга қарши ҳам ўйнаган. Илгари эса унинг "Пахтакор" етакчиси Жалолиддин Машариповга қизиқиш билдиргани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалганди. Aммо "Пахтакор" расмийлари "Aл Садд"дан расмий таклиф бўлмагани ҳақида айтишганди. Лекин Сардор Рашидовга таклиф билан чиққани ишончли. Буни легионеримиз ҳам тасдиқлагани ҳақида боя айтдик.
 
Хўш, энди воқеалар ривожи қандай тус олади? "Қатар СК" футболчимизни қўйиб юборадими? Унутмаслик керакки, бундай етакчи уларнинг ўзларига ҳам керак. Бу ёғи эса музокараларнинг қандай кечишига боғлиқ. Бунинг устига "Aл Садд" айни пайтда марказлашган ҳолда ўтказилаётган Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокини давом эттирмоқда. Бизга маълум бўлишича, ОЧЛдаги ўйинларини ўтказиб бўлишгач, Рашидов масаласи ҳал этилиши кутилмоқда.

Киритилди: 14:32 25.09.2020. Ўқилди: 13368 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!