Полша Бош вазири Доналд Туск Венгриядаги сайлов натижалари Европанинг авторитар бошқарув сари кетаётгани ҳақидаги қарашларни парчалаб ташлаганини маълум қилди. Ўнг марказчи "Тиса" партиясининг ғалабаси Виктор Орбаннинг 16 йиллик бошқарувига чек қўйди.
Жанубий Кореяга расмий ташрифи давомида Туск аввал Варшава, кейин Бухарест ва Кишинёв, энди эса Будапешт демократик йўлни танлаганини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, минтақа халқлари коррупциялашган ва авторитар ҳукуматларга маҳкум эмасликларини исботлашмоқда.
Туск "Тиса" партияси етакчиси Петер Мадьярни ғалаба билан табриклаб, унинг Варшавага кутилаётган илк расмий ташрифини муҳокама қилди. Полша Бош вазири икки давлат ўртасидаги янги муносабатлар яҳши даражада бўлишига ишонч билдирмоқда.