Венесуэла ҳокимиятлари республикада конституциявий тартибни бузган 116 нафар маҳбусни озод қилди.
Бу ҳақда Боливар Республикаси Қамоқхона хизмати вазирлиги баёнот берган.
«Сўнгги соатларда декабрь 2025 йили озод қилинган 187 нафар маҳбусга қўшимча равишда 116 нафар маҳбус озод қилинди», — деб айтилади хабарда.
Баёнотда қайд этилишича, қарор конституциявий тартибни бузган фуқароларга нисбатан қабул қилинган ва мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўтган ҳафта Венесуэла Миллий ассамблеяси (парламенти) раиси Хорхе Родригес мамлакатда миллий бирлик ва тинч ҳаётни таъминлаш мақсадида кўплаб маҳбус, шу жумладан хорижий фуқароларни озод қилишга қарор қабул қилинганини маълум қилган.
Шунингдек, Италия бош вазири Джорджа Мелони Венесуэла икки нафар итальян маҳбусни озод қилганини хабар қилган.