“Олий таълим муассасига келиб, аудиторияда ўқийсан, деган мажбурият йўқ”. Масъул Тошкент тиббиёт академиясида барча талабалар анъанавий тарзда ўқишга мажбурланаётгани ҳақидаги мурожаатга муносабат билдирди
Олий таълим муассасаларида жорий ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Тошкент тиббиёт академияси талабаларидан келиб тушган мурожаатга муносабат билдирди.
Мурожаатда талабалар Тошкент тиббиёт академиясидаги барча талабалар анъанавий тарзда ўқишга мажбурланаётганини айтиб, бу масала бўйича кимга мурожаат қилиш ҳақида сўрашган.
“Талабалар олий таълим муассасаси раҳбариятига мурожаат қилади. Вазирликда олий таълим муассасалари томонидан графиклар йиғиб бўлинди. Маълумотлар ишчи гуруҳ томонидан умумлаштириляпти. Умумлаштирилганидан кейин хулоса қилиниб, олий таълим муассасалари билан ишланади.
Куни кеча вазиримиз раҳбарлигида олий таълим муассасаси ректорларига селектор кўринишида Zoom орқали йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ерда ҳам алоҳида топшириқ берилдики, имконияти қандай бўлишидан қатъи назар олий таълим муассасига келиб, аудиторияда ўқийсан, деган мажбурият йўқ”, – деди Абдували Холиқов саволга жавобан.