Ўзбекистонга белгиланган меъёр талабларига номувофиқ, сифати кафолатланмаган маҳсулотларнинг кириб келиш ҳолатлари мавжуд. 2017-2018 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахслардан “Ўзстандарт” агентлигига 277 дан ортиқ, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига эса 3 мингдан ортиқ маҳсулот сифати устидан шикоят мурожаатлари келиб тушди, деб хабар қилмоқда “Ўзстандарт” агентлиги матбуот хизмати.
2018 йилда маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолашда 52,5 млрд. сўм миқдордаги маҳсулотларнинг техник регламентлар талабларига ва импорт маҳсулот стандартларининг мажбурий талабларига номувофиқлиги аниқланган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида импорт маҳсулотлари синовлари жараёнида жами миқдори 2,9 млрд. сўм бўлган 14 турдаги маҳсулот бўйича 20 ҳолатларда белгиланган нормаларга номувофиқлиги аниқланган.
Маълумот учун, Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили ривожланган мамлакатларнинг деярли 30% аҳолиси озиқ-овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ касалликлардан азият чекади. АҚШда ҳар йили озиқ-овқат билан боғлиқ 76 миллионга яқин касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Улардан 325 минг ҳолатида шифохонага ётиш ва 5 минг ҳолатда ўлимга олиб келган.