Бугун 18 октябрь, 2019 йил, жума

O'ZB

Ўзбекона рўмол ўраш Ислом динига тўғри келадими?

Ўзбекона рўмол ўраш Ислом динига тўғри келадими?

Халқимиз минг йиллардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келади. Бу йиллар давомида Ислом дини ва шариати қон-қонимизга сингиб кетган десак муболаға бўлмайди. Бу албатта кийиниш маданиятига ҳам таъсир этмай қолмаган. Яқин ўтмишимизда оналаримиз ўраган паранжи сатри аврат тақвосининг чўққиси эди. Шўро ҳукумати даврида нафақат тарихимизга, маданиятимизга, балки ўзлигимизга ҳам тажовуз қилинди. Қаттол тузум аввало оналаримиз бошидаги паранжига ёпишди. Сабаби миллийлигимизнинг асосий ташқи кўриниши шу аёлларимизнинг паранжисию эркакларимизнинг дўпписида намоён бўлар эди. Шунда ҳам халқимиз осонликча таслим бўлмади. Аксар оналаримиз бошларидаги рўмолларини сақлаб қолишди. Ана шунинг учун ҳам бугун ўша, бошни ортидан ўралган рўмол курашувчан ўзбек аёллари рамзи, миллий кийим сифатида кўрилаётгандир, билмадим. Бугунги кунда ҳам айнан шу кўринишда кийинишга тарғиб қилинмоқда. Юртбошимиз Шавкат Миромонович ҳам сўнгги нутқларида ана шундай кийинишни эътироф этиб, бундай рўмол ўраганларни “Муқаддас ўзбек онаси тимсоли” деб атаб, “бундай кийинишга ҳеч ким ҳеч қачон қаршилик қилмайди”, деб айтган эдилар.

Энди биз учун энг асосий саволга тўхталиб ўтсак: Бундай миллий либос шариатга тўғри келадими?

Бунинг учун мазҳабимизнинг энг мўътабар фиқҳий матн китоби “Мухтасар ул-виқоя”га мурожаат қиламиз.

  وعورة الرجل من تحت سرّته الى تحت ركبته والأمة هذا مع ظهرها وبطنها والحرّة كلّ بدنها الا الوجه والكفّ والقدم

Эркакнинг аврати киндиги остидан тиззаси остигачадир. Чўриники мана шу (киндик остидан тиззаси остигача) орқа ва қорни билан биргадир. Ҳур аёлнинг аврати бутун баданидир. Магар юзи, кафти (бўғимигача) ва қадами (тўпиғигача) аврат эмас.

Бундан кўриниб турибдики, аёл кишининг аврати бутун бадани бўлиб, фақатгина юзи, кафти (бўғимигача) ва оёғи (тўпиғигача) бундан мустасно экан. Юртимизда баданни тўсиш, сочни рўмол билан беркитиш, тўпиққача тушиб турувчи узун кўйлак кийиш аёлларимиз учун одатий ҳол эканини ҳисобга олсак, асосий муаммо бўлиб, бош қисм, яъни юз ва бўйин қисми қолмоқда. Матнда бўйин ҳақида гап кетмаган бундан келиб чиқадики, бўйин аврат бўлиб ёпилиши шарт. Буни узун ёқали кўйлаклар орқали амалга оширса бўлади, иншааллоҳ. Иккинчи масала юз қисми бўлиб, унинг миқдори пешанадаги соч чиқмайдиган жойдан ияккача, икки қулоқ ораси хисобланади. Бугунги урфда ўралаётган рўмолларда эса баъзи юз қисмлари очилиб қоляпти. Баъзи ўринларда эса иякдаги сочнинг бир қисми ҳам кўриниб қолаяпти. Бу эса сатри авратнинг очилиб қолиши демакдир. Бунда рўмолни бироз пастроқдан ўраб, ёқаси узун кўйлак билан юзнинг қолган қисмини ёпиш зарур бўлади.

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб, миллий кўринишдаги аёллар либосини маълум қисмларигина шаръий талабларга жавоб бермайди. Уни юқоридаги тавсиялар орқали шаръий кўринишга келтириш мумкин, иншааллоҳ. Бунда рўмол ва кийимнинг ранги муҳим эмас. Лекин имкон қадар жимжимадор, эътибор тортмайдиган ранглардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Яна бир муҳим эслатма: аёл кишининг юзи, оёғи ва кафти аврат ҳисобланмаса-да, унга заруратсиз назар солиб бўлмайди. Назар солганда эса шаҳватдан холи бўлиши шарт қилинади.

Қудратуллоҳ Аҳмад

Манба: azon.uz

Киритилди: 11:13 09.10.2019. Ўқилди: 2310 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!