Ўзбекистоннинг Финляндияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) Темур Раҳмонов ушбу мамлакат Президенти Александр Стуббга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Расмий тадбирдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон ҳамда Финляндия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Президент Александр Стубб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни фин томони тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва ушбу йўналишда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Финляндия етакчиси, шунингдек, расмий Хельсинки ва Тошкент ўртасидаги сиёсий мулоқот ҳамда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим ўрнини қайд этди ва мамлакатимиз билан сиёсий-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, Тимур Раҳмонов 2024 йил 13 март куни Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси сифатида Рига шаҳрига борган эди. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у 2021-2024 йилларда мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган.
Тимур Раҳмонов 2024 йил 17 июнь куни Ўзбекистон элчиси сифатида Латвия Президенти Эдгарс Ринкевичсга, шунингдек, 2025 йил 11 февраль куни Литвадаги элчи сифатида (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) ушбу давлат Президенти Гитанас Науседага ишонч ёрлиқларини топширган.