Ўзбекистондаги энг йирик эълонлар сайти – Olx'да Россияда ишлаб чиқарилган Ми-171E русумидаги иккита транспорт вертолёти сотувга қўйилди. Эълон муаллифи ҳаво кемалари “мутлақо янги” эканини ёзган.
Вертолётлар “завод нархи”да сотилаётгани айтилади. Бу нарх – 14 млн доллар (тақрибан 150 миллиард сўм).
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги масъули Kun.uz билан суҳбатда маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари фуқаровий ҳаво транспортларини сотиб олишлари мумкин. Агар ушбу транспорт билан фуқароларни ташиш хизматларини кўрсатмоқчи бўлса, авиакомпания очиш керак бўлади.
Агар фақат саёҳат қилиш ёки шахсий мақсадларда бошқа ҳудудларга бориш мақсадида фойдаланилса, Фуқаро авиацияси агентлигига тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши ҳамда учиш учун бир нечта турдаги сертификатларни олиши керак бўлади.
Бундан ташқари, ҳаво кемасига маълум вақт оралиғида доимий равишда техник хизматлар кўрсатиб турилади.