Учқўрғондаги боғчадаги ҳолатдан сўнг барча давлат боғчалари текширилмоқда.
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқ билан боғлиқ оғир ҳолат ортидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги махсус ишчи гуруҳ тузди.
Вазирлик маълум қилишича, ишчи гуруҳ воқеани атрофлича ўрганиш, масъул ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариш даражасини баҳолаш ва ҳолатга алоқадор шахсларга нисбатан чора кўриш масалалари билан шуғулланмоқда.
Ҳодиса билан боғлиқ деб гумон қилинган боғча ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Вазирлик, шунингдек, хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашган ходимлар ва мансабдор шахсларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилишини маълум қилди.
Шу билан бирга, бундай ҳолатларнинг бошқа таълим муассасаларида такрорланишининг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.
Аввалроқ Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқка нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.