Бугун 29 май, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонда Ёшлар экологик оромгоҳи ташкил этилади

A A A
Ўзбекистонда Ёшлар экологик оромгоҳи ташкил этилади

Шу йилнинг 26 май – 1 июнь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Ёшлар оромгоҳи"да экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган "Ёшлар экологик оромгоҳи" ("Эко-оромгоҳ-2025") ўтказилади.

Қайд этилишича, тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Туризм қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилади.

Мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Фармонига кўра ёшлар орасида экологик маданиятни ошириш, аҳолининг экология билан боғлиқ ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг илмий ва инновацион қобилиятларини намоён этиш, экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган таклифлар ишлаб чиқишдир.

Эко-оромгоҳга юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан 15 нафардан маҳаллаларнинг ёшлар етакчилари, "Ёш экологлар" ҳаракати Кенгашлари аъзолари, волонтёрлар, экофаоллар ҳамда "Экология билимдонлари" танлови ғолиблари жалб қилинади. Иштирокчиларни экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган ўқув-семинар машғулотлари, интеллектуал ўйинлар, оммавий спорт ва плоггинг мусобақалари, экологик лойиҳалар, "Экология билимдонлари" ва бошқа танловлар, маданий-кўнгилочар тадбирлар, таниқли инсонлар билан учрашувлар ва тарихий обидаларга саёҳатлар кутмоқда.

Якунда фаол иштирок этган гуруҳлар ва ҳудуд жамоалари вакиллари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Шунингдек, эко-оромгоҳ иштирокчиларининг ҳар бирига махсус сертификатлар топширилади.

Киритилди: 21:53 24.05.2025. Ўқилди: 284 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!