Бугун 13 апрель, 2026 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистонда уч ой ичида 80 та уюшган жиноий гуруҳ аниқланди

Ўзбекистонда уч ой ичида 80 та уюшган жиноий гуруҳ аниқланди

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 80 та уюшган жиноий гуруҳ аниқланиб, 211 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда 11 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди.

Вазир ўринбосарига кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида жами 6211 та олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар содир этилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 596 тага кам.

«Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 4080 та жиноят ишлари қўзғатилди. Натижада жиноий гуруҳ ва шахслардан 872 кг гиёҳвандлик воситалари, 33 кг синтетик моддалар ва 296 мингдан зиёд кучли таъсир қилувчи дорилар мусодара қилинди», — дейди у.

«Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида олиб борилган кенг кўламли тезкор тадбирлар натижасида жами 670 та жиноятлар аниқланди. 80 та уюшган гуруҳлар ва улар таркибидаги 211 нафар шахс ушланди», — дея қўшимча қилди Ашрапов.

Унинг қайд этишича, ўтган уч ойда 1076 та коррупцион ва иқтисодий жиноятлар аниқланган ва улар оқибатида 199 млрд 565 млн сўм миқдорда зарар етказилган.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида 18 мингдан ортиқ жиноят содир қилинган. Уларнинг 97 фоизи фуқароларнинг пул маблағларини электрон тўлов тизимлари орқали қўлга киритиш билан боғлиқдир.

Таҳлилларга кўра, кибержиноятлар қуйидаги усуллар орқали содир этилган:

  • 8783 таси (48 фоизи) ижтимоий тармоқларда юборилаётган сохта ҳаволалар орқали тасдиқловчи махфий кодни қўлга киритиш йўли билан;

  • 3635 таси (20 фоизи) ижтимоий тармоқ ва веб-ресурслар орқали олиб борилган алдовларга ишониб, пул ўтказиб бериш тартибида;

  • 2624 таси (14.3 фоизи) сохта онлайн молиявий биржалар орқали;

  • 197 таси (1 фоизи) турли алдовлар асосида телефон қўнғироқлар орқали карта рақами ва махфий кодини қўлга киритиш ёрдамида;

  • 2843 таси (16.7 фоизи) бошқа усуллар орқали.

  • «Шунингдек, уч ойда тезкор тузилмаларимиз ва саф бўлинмаларимизнинг хизмат фаолияти жараёнида тергов ҳамда суд органларидан яшириниб юрган 2193 нафар шахс ушланди. 171 нафар бедарак йўқолганлар топилиб, оиласи бағрига қайтарилди», — дейди Рамазон Ашрапов.

Унинг сўзларига кўра, шу йилнинг биринчи чорагида мамлакатдаги мавжуд маҳаллаларнинг 81 фоизи, яъни 7309 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Шу билан бирга жиноятлар қайд этилган маҳаллаларнинг 1497 таси (16,6 фоизи) «сариқ», 186 таси (2,1 фоизи) «қизил» тоифага киритилган.

Киритилди: Бугун 13:55. Ўқилди: 370 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!