Ўзбекистонда Temu платформасидан фойдаланиш 2025 йил 20 мартдан бошлаб чекланади. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 2-банди билан электрон тижорат операторлари, хусусан, электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган.
Мамлакат фуқароларига хизмат кўрсатувчи хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим электрон савдо платформалари томонидан Ўзбекистоннинг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.
“Тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида, юртдошларимиздан бугунги кундан бошлаб Temu платформасида буюртма бермасликларини сўраймиз. Бунда, агар буюртма бундан олдин амалга оширилган бўлса, платформада тўловни қайтаришни ташкил этиш тавсия этилади”, дейилади расмий хабарда.
Агентлик ва Солиқ қўмитаси фуқароларни Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини маҳаллийлаштирмаган ёки мамлакатда Солиқ қўмитасининг электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар ва маркетплейслар рўйхатига кирмаган хорижий электрон савдо платформалари хизматларидан фойдаланмасликка, эҳтиёт чораларини кўришга, шахсий ва бошқа маълумотларни бундай субъектларга бермасликка чақирди.