Бугун 24 октябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонда омбудсманга президент, ҳукумат ва парламентга махсус маъруза тақдим этиш ҳуқуқи берилади

Ўзбекистонда омбудсманга президент, ҳукумат ва парламентга махсус маъруза тақдим этиш ҳуқуқи берилади

Сенат 23 октябрдаги ялпи мажлисда омбудсман тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонунни маъқуллади. Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 17 сентябрь куни қабул қилинганди.

Мазкур қонун янгиланган конституцияга мос равишда мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгаришларни ўз ичига олган.

Хусусан, омбудсманга Ўзбекистон президентига, Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига махсус маъруза тақдим этиш ҳуқуқи берилади. Махсус маъруза инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш бўйича хулоса ёки таклифлардан иборат бўлади.

Қонун билан омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этилмоқда. Шунингдек, омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг муаммосиз ва самарали бажарилиши қонунда мустаҳкамланмоқда.

Қонунда сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида 5 йил Ўзбекистонда муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси омбудсман лавозимига сайланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида “Омбудсман қутиси” тушунчаси киритилиб, унга озодликдан маҳрум этилган шахслар мурожаат қилишининг ҳуқуқий механизми белгиланмоқда.

Киритилди: 15:00 23.10.2024. Ўқилди: 359 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!