Бугун, 11 сентябрь куни Адлия вазирлиги биносида журналистлар ва Адлия вазири иштирокида вазирлик тизимида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда халқаро ташкилот СЕRT International s.r.o’нинг Ўзбекистондаги вакили, БМТРД Коррупцияга қарши курашиш глобал лойиҳасининг вакили, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ҳам қатнашди.
Анжуманда Адлия вазирлиги Ўзбекистонда давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритгани эълон қилинди.
Вазир Русланбек Давлетов халқаро сертификат талабларини бажариш мақсадида вазирлик томонидан қандай ишлар амалга оширилгани хусусида гапирди.
«ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда коррупция хавфини камайтиришга йўналтирилган мақбул ва аниқ мезонли чора-тадбирларни назарда тутади. Бу бир неча босқичларда амалга оширилди.
Коррупцияга қарши курашиш стратегиясининг биринчи босқичи 2019 йилнинг 1-ярмида амалга оширилди. Бунда Адлия вазирлиги коррупция хавфлари ва фактларини, ходимларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ёки зарур пайтда ҳаракатсизлиги ҳолатларини аниқлаш мақсадида кенг жамоатчиликни ёрдамга чақирди. Шу боис, адлия органлари ва муассасаларида фуқароларга аудио ва видео ёзув воситаларидан фойдаланишга рухсат берилди. Жамоатчилик назорати ходимларнинг жавобгарлигини ошириш имконини берди.
Шу билан бирга, вазирлик ҳузурида коррупцияга қарши кураш кенгаши ташкил этилди. Коррупция хавфига мойил бўлган вазифалар (ваколатлар) ва лавозимлар рўйхати шакллантирилди. Интернет тармоғида нотариуслар бўш иш ўринларига танловлар онлайн-трансляция қилиниши янгиликлардан бири бўлди. Бу билан, биринчидан, ходимларни саралаб олишнинг максимал шаффофлигига, иккинчидан, виждонли нотариусларни ишга тайинлашга эришилди.
Иккинчи босқич 2019 йилнинг июль ойидан 2020 йилнинг август ойларида амалга оширилди. БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда адлия органлари ва муассасаларида «KPMG International» компаниясининг халқаро экспертларини жалб этган ҳолда, коррупцияга қарши комплаенс назоратни жорий этиш бўйича лойиҳа амалга оширилди.
Учинчи босқич 2020 йилнинг июнь-август ойларида амалга оширилди. «СERT International» s.r.s халқаро ташкилоти томонидан Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» халқаро стандартига мувофиқлиги юзасидан сертификатлаш бўйича аудит ўтказилди», дея унинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.