1890 йилдан шу кунгача Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг йиллик ўртача кўрсаткичи 1,7 даража кўтарилган. Глобал миқёсда эса ҳарорат ўртача 0,7 даража ошган. Бу ҳақда 4 июнда Жаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб ўтказилган конференцияда маълум қилинган.
Ўзгидромет ҳисобига кўра Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг ўртача кўрсаткичи сезиларли даражада ошган, деб ёзмоқда minbar.uz. Кейинги 60 йил ичида ҳарорат 40 даражадан баланд бўлган кунлар сони кўпайган.
«Иссиқхона газлари инвентаризацияси хулосасига кўра, Ўзбекистонда атмосферага чиқарилаётган ис гази эмиссияси 1990 – 2012-йилларда 63 фоиздан 51 фоизга, азот оксиди эса 1 фоизга тушган. Метан чиқариш эса 30 фоиздан 43 фоизга ошган», – дейди Олга Белоруссова.
Ўзгидрометга кўра 2012 йилда чиқарилаётган иссиқхона газларининг 82 фоизи энергетика сектори (транспорт, иссиқлик ва электр энергетикаси, коммунал хизматлар) ҳиссасига тўғри келган.
Марказий Осиёда иқлим исишининг оқибати жиддий бўлиши мумкин
Глобал иқлим ўзгариши турли минтақаларда турлича кечади. Марказий Осиё учун глобал иқлим ўзгариши бошқа минтақаларга нисбатан кескин бўлиши мумкин.
Бу ўзгаришларда трансчегаравий дарёлар этагида жойлашган давлатлар – Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон кўпроқ зарар кўради. Улар билан сув бошидаги давлатлар – Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида сув масаласида зиддиятлар келиб чиқиши мумкин.