Транспорт вазирлиги Ўзбекистон ва Афғонистон Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўлидан фойдаланиш бўйича шартномани узайтирганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг доимий равишда қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган оқилона сиёсатининг самараси ўлароқ, 2025 йил 21—23 январь кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон жамоат ишлар вазирининг темирйўл масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммад Соҳибзода бошчилигидаги делегация билан самарали учрашувлар ташкил этилди.
Илҳом Маҳкамов бошчилигида ўтказилган учрашувда афғон томони билан трансафғон темирйўл қурилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди ва томонлар келгуси ишларни ташкил этиш бўйича келишиб олди.
Шу билан бирга, икки давлат темирйўл маъмуриятлари ўртасида фаол ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича шартномани узайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Бунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Согдиана транс” МЧЖ Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўлига хизмат кўрсатувчи оператор сифатида сақланиб қолади.