Ижтимоий тармоқларда "Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг "2023 йил III чорак фаолият натижалари бўйича ишлаб чиқариш мукофотини тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғи пайдо бўлиб, унда буйруқ мазмуни нотўғри талқин қилинган.
Хусусан, Жамият оддий ишчи-ходимларига етарлича эътибор қаратмай туриб, раҳбар ходимларни мукофотлаётгани тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Таъкидлаш жоизки, Жамиятда барча ишчи-ходимлар, мутахассис ва раҳбар ходимлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва Тармоқ жамоа шартномаларига мувофиқ Жамият миқёсида барча темирйўлчи ходимларни моддий қўллаб қувватлаш учун ишлаб чиқилган «Жамият мутахассис ва раҳбар ходимларини мукофотлаш тўғрисида»ги ҳамда «Жамият ишчиларини мукофотлаш тўғрисида»ги Низомларга асосан ҳисобот давридаги Жамият фаолияти натижаларига кўра мукофотланадилар.
Бундан ташқари, низомларда барча ишчи-ходимларнинг тоифаси, касбининг мураккаблиги, жавобгарлик ва асосий фаолиятга алоқадорлик даражаси инобатга олинган холда мукофот фоизи миқдорлари асосий фаолият ишчилари (йўл созловчи, электромонтер, машинист) учун ҳар ойда 100 фоизгача, мутахассис ва раҳбар ходимлар учун ҳар чоракда 40 фоизгача этиб белгиланган.
Шундай қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг барча ходимлари белгиланган қоидалар ва устама миқдорига мувофиқ мукофот олиш ҳуқуқига эга.