Бугун 22 декабрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган учрашувда Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам қатнашдилар. ЕОИИ кузатувчи давлатлари раҳбарлари – Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён иштирокчиларга видеомурожаат йўлладилар. Таклиф қилинган давлат вакили сифатида тадбирда Индонезия Республикаси савдо вазири Буди Сантосо иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, транспортни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Президенти нутқининг аввалида ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Кейинги тўрт йилда кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорлик даврида Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ошди ва 20 миллиард долларга яқинлашди.

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Савдо, саноат, молия тизими, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган Евроосиё иқтисодий комиссияси билан 2026 йилгача ҳамкорлик режаси тизимли равишда амалга оширилмоқда. Келгуси йилда қўшма Ишчи гуруҳнинг бешинчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларида ЕОИИнинг бир қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг бу галги йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида божхона чегаралари орқали ўтказилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотни алмашиш тўғрисида битим тузиш юзасидан музокараларни бошлаш қарори қабул қилинди.

– Ишончимиз комил, чегаралараро маълумотлар алмашинуви божхона назорати самарадорлигини оширишга, кечикишларни камайтиришга ва транспорт тизимларимизни Евроосиё йўлакларига интеграция қилишга хизмат қилади, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

Хусусан, давлатимиз раҳбари ўзаро товар айирбошлашда савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш муҳимлигини таъкидлади. Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартларига ёндашувларни уйғунлаштириш учун МДҲ ва ЕОИИ институтлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва талабларни бирхиллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаштириш ва божхона маъмурчилигидаги тафовутлар билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш учун тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича “Ўзбекистон – ЕОИИ” қўшма Мувофиқлаштирувчи гуруҳини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Саноат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида мамлакатимиз раҳбари машинасозлик, энергетика, агросаноат мажмуи, кимё ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар рўйхатини биргаликда тузишни таклиф қилди.

Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши муносабати билан ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини биргаликда белгилаш ҳамда устувор инфратузилмавий ва “яшил” лойиҳаларни, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни қамраб олган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.

Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон Президенти божхона маъмурчилигини рақамлаштириш ва юк ташишда “узлуксиз” моделга ўтиш масалалари устувор вазифа эканлигини қайд этди.

– Рақамли платформаларни, жумладан, электрон савдо ва рақамли маркировкани уйғунлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ЕOИК билан биргаликда тайёрлашни таклиф этамиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон ЕОИИнинг, энг аввало, биотиббиёт, янги материаллар, агротехнологиялар, энергетика ва робототехника йўналишларидаги технологик платформаларига қўшилишдан манфаатдор.

Туризм алмашинувини рағбатлантириш ва туристик маҳсулотларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон туризм соҳасида интеграциялашган ахборот ресурсини шакллантириш ишларига қўшилишга ҳам тайёрлигини билдирди.

Якунда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кенг қамровли ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади.

Киритилди: 23:40 21.12.2025. Ўқилди: 331 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!