Henley & Partners агентлиги эълон қилган янги ҳисоботда Ўзбекистон паспорти 74-ўринга кўтарилди. Ўзбекистонликлар дунёнинг 59 та давлатига визасиз ёки бориши билан аеропортнинг ўзида осонлаштирилган тартибда виза олиб киришлари мумкин.
2023 йилда Ўзбекистон 85-ўринда бўлган бўлса, 2024 ва 2025 йилда 80-ўринга кўтарилган эди, эндиликда эса 74-поғонани эгаллади. Шу тариқа, сўнгги 2,5 йил ичида мамлакат паспорти 11 поғонага юқорилади.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон паспорти энг кучли бўлиб турибди. Ушбу мамлакат фуқаролари 78 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин. Қирғизистон Ўзбекистон билан 73-ўринни бўлишиб турибди. Тожикистон 53 та давлат билан 79-ўринни, Туркманистон эса 45 та давлат билан 87-ўринни эгаллади.
Рўйхатда Россия 113 та мамлакатга визасиз кириш имконияти билан 44-қаторда, Беларус 58-ўринда, Озарбойжон эса 67 та давлат билан 66-ўринда қайд этилди.
Рейтинг етакчиси Сингапур бўлди, унинг паспорти 192 та давлатга визасиз саёҳат қилиш имконини беради. Шунингдек, кучли учликдан фуқаролари 187 та давлатга визасиз бора оладиган Япония ва Жанубий Корея жой олди.
Ҳаракатланиш эркинлиги энг кам бўлган паспорт – Афғонистон давлатиникидир. У атиги 24 та давлатга кириш имконияти билан рўйхатнинг энг охирги поғонасидан жой олди.