Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA Series турнири доирасида Габонга қарши майдонга тушади. Учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий Фабио Каннаваро бўлажак баҳслар ва жамоанинг режалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Мураббий фикрларидан асосий тезислар:
Ғалаба – ягона мақсад:
«Ўйинлар ўртоқлик мақомида бўлса-да, биз майдонга фақат ғалаба учун тушамиз. Жаҳон чемпионати тобора яқинлашмоқда, шу боис ҳар бир учрашув биз учун стратегик аҳамиятга эга».
Таркиб ва рақобат:
«Мундиалга борадиган якуний таркиб ҳақида гапиришга ҳали эрта. Кенгайтирилган рўйхатимиздан 55 нафар футболчи ўрин олган. Ички чемпионатдаги кўрсаткичларига қараб, бу рўйхат мунтазам янгиланиб боради. Ҳозирча барча номзодларни диққат билан кузатяпмиз».
Ротация ва имконият:
«Ушбу иккита ўйинда барча чақирилган футболчиларга имконият беришга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир ўйинчининг ҳозирги ҳолатини амалиётда кўришимиз шарт».
Индивидуал ёндашув:
«Дубай йиғини давомида кўплаб номзодларни кўздан кечирдим ва ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлашдим. Йигитлардаги иштиёқ ва мотивация мени жуда мамнун қилди».
Селекция жараёни:
«Ҳозиргача 5 нафар дарвозабонни синовдан ўтказдик. Агар танловда бирор хатога йўл қўйган бўлсак, қолган футболчиларда ўз ўйинлари билан бизни ҳайрон қолдириш ва фикримизни ўзгартириш учун ҳали вақт бор».
Жисмоний ҳолат – асосий масала:
«Мени футболчиларнинг маҳорати эмас, кўпроқ функционал тайёргарлиги хавотирга солмоқда. Жаҳон чемпионати олдидан бизда атиги 2-3 ҳафта бўлади – бу вақт ичида жисмоний ҳолатни сезиларли даражада ошириб бўлмайди. Шу боис, январь ойидан буён айнан физика устида тинимсиз ишлаяпмиз».