Ўзбекистон Хитой билан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади, деди 29 ноябрь куни Президентнинг махсус вакили Азизбек Ўрунов. Хитой ташкилотга аъзо бўлиш шартларини келишиб олиш мумкин бўлган 22-давлат бўлди.
«Пекинга қисқа, аммо самарали ташриф. Кеча биз Хитой Халқ Республикаси билан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласи бўйича икки томонлама музокараларни якунладик», — деди Ўрунов конструктив мулоқот учун Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлигига миннатдорлик билдириб.
У йил якуни ЖСТга кириш йўлида алоҳида муҳим босқич бўлганини таъкидлади: «Дунёнинг икки йирик савдо иштирокчиси – АҚШ ва Хитой билан музокаралар якунланди. 22 давлат билан музокаралар якунланди, фақат бир нечтаси қолди!»
Октябрь ойида Ўрунов ХХР билан хизматлар бозорига кириш бўйича музокаралар якунланганини эълон қилиб, товар бозори бўйича якуний келишувга эришиш учун ҳали бир қанча масалалар ҳал қилинишига аниқлик киритди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аввалроқ ЖСТга аъзо бўлишни «ўйланган танлов» ва иқтисодий ислоҳотларнинг ажралмас қисми деб атаган эди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида. Олдинда Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа давлатлар билан музокаралар кутилмоқда.