1963 йил 1 декабрь куни Ўзбекистон ССР Бухоро областининг Ўрта-Булоқ газ конида авария содир бўлади.
Яъни, бурғулаш ишларидаги техник хатолик туфайли газ ўз манбасидан ташқарига отилиб чиқа бошлайди. Жуда катта миқдордаги газ атрофдаги барча жонзотларга фожеали таъсир қилиши мумкунлигини инобатга олган мутахассислар, конга ўт қўйиб юборадилар. 300 атмосфера босими билан отилиб чиқаётган газ даҳшат ёна бошлайди. Ўтни ўчиришга бутун техника, инсон кучлари ташланади, аммо бефойда, ёнғинни ўчира олмайдилар. Ўрта-Булоқдаги газ салкам уч йил, аниқроғи 1074 кун давомида ёниб турган экан.
Аланга 70 метрдан 120 метр баландликка чиқади. Тасаввур қилинг ҳар куни мамлакатимиз ва халқимизга тегишли бойликнинг 10-12 млн кубометри ёниб кетаверган. Совет пулида 60 млн сўм ҳар куни кўкка соврулиб кетаверган. Хом чўтларга қараганда Ўзбекистон Ўрта-Булоқ ёнғинида 60-70 млрд долларни йўқотган (бу пулга ўнта шаҳар қурса бўларди).
Оловни ўчириш осон эмасди, унга 250 метргача яқин йўлаб бўлмасди.
Натижада артилерия қуролларидан фойдаланишга қарор қилинади. Аммо бу ҳам фойда бермайди, ёнғин кучайгандан кучайиб назоратдан чиқиб кетиш хавфи пайдо бўла бошлаганди. Шунда совет хукумати ёнғинни атом бомбаси билан тўхтатишга қарор қилади. 1966 йил 30-сентябрь куни 30 килотоннали (Нагасакига ташланган бомба 21 килотоннали бўлган) термоядро снарядини 1,5 км чуқурликда портлатадилар. Уч йилда ўчмаган ёнғин бомбанинг кучи билан 22 секундда ўчган экан. Орадан бироз ўтиб худди шундай ёнғин Памуқ конида ҳам юз беради, у ердаги ёнғинни ҳам худди шундай ядро бомбаси билан ўчиришга муаффақ бўлинган экан. Албатта бу бомбалар офатни олдини олиш учун эзгу мақсадларда ишлатилган бўлсада, унинг ўсимлик ва хайвонот дунёсига, тупроққа, ахолига кўрсатган салбий оқибатларини хисоблаб чиқишни ўзи мушкулдир.