Мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари ўзларини Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари эканликларини яққол намойиш этишди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Покистон Ислом Республикаси ҳудудида ўтказилган VIII Халқаро «Жамоа руҳи» мусобақасида муносиб иштирок этди.
Мусобақада Ўзбекистон разведкачилари рекорд натижа билан Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга муяссар бўлиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Мусобақа Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучларига қарашли 22 армия корпусининг Терроризмга қарши курашиш миллий ўқув маркази (Пабби ш.) базасида ўтказилди, дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотида.
Унда жами 14 та давлат – Ўзбекистон, Баҳрайн, Саудия Арабистони (4 та жамоа), АҚШ, Марокаш, Хитой, Иордания, Ироқ, Туркия, Малдив ороллари, Шри Ланка, Беларусь Республикаси, Қозоғистон ва Қатардан 17 та халқаро жамоа ва Покистон Ислом Республикасининг 14 та жамоаси беллашди (умумий 31 та жамоа).
Мусобақа шартларига кўра, жамоалар 90 километр (60 соат вақт ичида)гача бўлган маршрутнинг 7 та назорат нуқтасида азимут бўйича ҳаракатланиб, унда тактик-махсус, отиш, тиббий, алоқа, муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуроллардан ҳимоя ва ҳарбий топографиядан турли махсус машқларни, шунингдек, кутилмаган тестларни ечиш машқини бажардилар.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси қуръага биноан биринчи назорат нуқтасидан 17-бўлиб ҳаракатланишни бошлаган бўлса-да, ҳар битта нуқтада махсус вазифаларни мувафаққиятли бажариб, маррага биринчи бўлиб етиб келди.
Бу орқали мамлакатимиз ҳарбий жамоаси ўзининг жипслиги ва қўйилган вазифаларни юқори савияда бажариши билан ажралиб турди.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги терма жамоаси 34 дақиқа 15 сонияда 90 килограмм ярадорни тўлиқ анжом-аслаҳалар билан эвакуация қилиш (5 километр масофага югуриш) вазифасини бажариб, мусобақа рекордини ўрнатди.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси жамоаси (95 фоиз натижа);
2-ўрин – Хитой жамоаси (74 фоиз натижа);
3-ўрин – Баҳрайн жамоаси (65 фоиз натижа)га насиб этди.
Халқаро мусобақанинг ёпилишига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси олтин медаль билан тақдирланди.